2009/09/27

Туркушунос олим Юсуф Озмун билан суҳбат

Comment This!
Замонавий туркий тилларда кенг қўллланиладиган "айрон", "арава", "қошиқ", "қайчи", "тугун", "турғун", "тушкин", "айиқ", "қайиқ", "қинғир", "қочқоқ" ёда "қирғоқ" каби сўзларнинг қаердан пайдо бўлганини биласизми? Мазкур сўзлар ўтмиши қайга бориб тақалиши ҳақида бир ўйлаб кўрганмисиз? Аҳмад Яссавий, Юнус Эмро, Маҳтум Қули ёда Навоий асарларида ишлатилган сўзлар маъносини англай олмай қийналган онларингиз бўлганми? Туркий тиллар тарихи, бугуни ва келажаги сизни қизиқтирадими?

Айни мавзудаги саволларинга туркшунос олим Юсуф Озмун жавоб берди. Юсуф Озмун туркий тиллар юзасидан ёзган ўнлаб китоб, мақола ва рисолалари билан ғарб ва шарқ мамлакатларида танилган олимлардан биридир.

Би-би-си: Мурод Туркияда 20-асрнинг бошида фаолият юритган Туркистонлик жадидчи Абдулло Авлоний ҳаёти ва ижоди устида илмий иш қилаяётганини ёзган. У "Абдулло Авлоний асарлари устида ишлаш жараёнида 20-аср бошидаги ўзбек туркчасини ўша давр усмонли туркчаси билан ... жуда ҳам яқин ва ўхшаш эканига" гувоҳ бўлганини таъкидлаган. "Айтингчи, кунимиз турк лаҳжаларининг бутун турк дунёси тарафидан тушунилиши қай даражада деб ҳисоблайсиз?" - деб сўраган Туркиядан Мурод.

Юсуф Озмун: Туркий тиллар гуруҳларга бўлинган: ўғуз, қарлуқ ва ҳоказолар. Ҳар гуруҳ ўзаро бир-бирини яхши тушунади. Мисол учун, бир туркман ва турк ўзаро жуда яқин бўлгани учун бир-бирини яхши тушунади. Ўзбек тилида кўплаб араб ва форсча сўзлар бўлгани учун ўзбекларни туркларга тушуниш осон. Аммо қирғиз ёки қозоқни тушуниш туркларга жуда қийин. Усмонли замонида ёзилган текстларнинг ҳаммаси арабий хатда бўлгани учун бир-бирига ўхшаш, тушуниши осон бўлган. Аммо, ўзаро гаплашишда бир оз тафовут бўлган. Чунки суҳбатда лаҳжа, диалект масаласи ўртага чиқади, фонетик тафовутлар юзага чиқади. Масалан, турклар "яғмур" дейди, ўзбеклар эса "ёмғир" дейди. Ё бўлмаса, "кетаётибсан" - "кетаяпсан" каби қисқартмалар бор. Булар бир оз қийинчилик туғдиради. Аммо бир ёзувли матнни тушуниш осонроқ. Шунинг учун Усмонли замонида ҳамма тиллар - хоҳ у татар тилида бўлсин, хоҳ ўзбек тилида бўлсин - бир-бирига тушунарли ва яқин тилда ёзилган. Матнларнинг кўпи Туркияда чоп этилгани учун уларни бир оз турклаштириш расм бўлган. Шунинг учун матнлар жуда осон тушунилган.

Би-би-си: Айни мухлисимиз берган навбатдаги савол: "агар мустақил турк жумҳуриятлари ўзаро бир ўртоқ восита тили танлашни хоҳласалар, сизнингча, қайси турк лаҳжаси турк дунёси ўртоқ тили учун мос ва идеал номзод бўла олади?"

Юсуф Озмун: Аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки ҳар ким ўз тилини энг яхши тил деб қабул қилади. Озарбайжон ўз тилини, туркман ўз тилини, ўзбек ўз тилини яхши тил деб ҳисоблайди. Ҳамма хоҳлайдики, ўз тили чорчўбасида ҳаракат қилинсин. Аммо кучли давлат сифатида Туркия танилган. Туркиянинг имкониятлари ҳам кўпроқ. Лекин Туркияда ҳам ҳамма турк тили ўртоқ тили бўлишини хоҳлайди. Ўртоқ тили - бир оз сиёсий, бир оз ижтимоий масала. Ва унга жавоб бериш қийин. Усмонли замонидаги туркчага ўхшатилса, балки ҳамма тушуна олар.

Би-би-си: Бухородан Ҳусейн йўллаган мактубдан: "қозоклар ўзларининг этимологик луғатларини ишлаб чиқишган, ўзбекларда ҳам бу ишлар олиб борилмоқда. Умуман, этимологик луғатлар борасида олиб борилаётган ишлардан қониқасизми?"

Юсуф Озмун: Ҳар тилда этимологик сўзлик ёзилса, бу жудаям яхши нарса. Аммо, этимология жуда ҳам қийин бир фан соҳаси. Чунки, турк тили жуда қадим вақтлардан келади, ўзгариб-ўзгариб кетади. Бир-бирига ўхшамаган сўзлар бор, лекин этимологик жиҳатдан бир-бирларига яқин сўзлар. Масалан, "қўпуз" деган сўз бор. Туркияда эса "сипси" деган соз, мусиқа асбоби бор. Аслида буларнинг иккаласи ҳам бир сўз. "Чўвур" деган бир соз бор. Ў "қўпур" деган соз билан бир хил. Аммо кўпчилик бунинг фарқига бормайди. Чунки этимологияда ҳамма бир-бирига яқин сўзларни қидиради. Шунинг учун этимологияда "фалон сўз пистон сўздан олинган", деб эмас, балки бир сўзни ҳар томонлама ўрганиш керак. Бир сўзнинг бутун туркий тилларда, айтайлик ёқутда қандай бўлади, ўзбек тилида қандай бўлади ёки кунимизнинг бошқа лаҳжаларида қандай бўлади ўрганиш зарур. Бу қийин иш. Этимология луғати, менимча, ҳеч бўлмаганда, 4-5 томлик бир китоб бўлади. Турк тилидан бошқа тилларга ўтган сўзлар бор. Уларни ҳам қўшиш керак. Яқинда Туркияда турк тилидан бошқа тилларга ўтган сўзлар луғати чиқди. Масалан, араб тилида туркий сўзлар бор деб ҳеч ким ўйламайди. Ваҳоланки, минглаб сўзлар бор. Ё бўлмаса, форс тилидан турк тилига кўп сўзлар киргани айтилади, лекин бугунги форс тилида туркчадан расман ўтган 3 мингга яқин сўз бор. Форс тилидаги лаҳжаларда ҳам бундай сўзлар кўп.

Би-би-си: Ҳусейн, шунингдек, Марказий Осиёдаги туркий тиллар "орасида энг сўзга бой ва гўзал тил, деб сиз қайсисини тан" олишингизни ҳам сўраган.

Юсуф Озмун: Буни айтиш қийин. Ҳар тилда - хоҳ қирғизча бўлсин, хоҳ ўзбек тили бўлсин – архаизм сақланиб қолган. Тилнинг қадимий хусусиятлари бор. Қайси тил кўп ишланган бўлса, ўша тил яхши бўлади, албатта. Марказий Осиёдаги ҳамма тиллар устидан яхши ишланган. Уларнинг ҳар бирида жуда катта ёзувчи ва шоирлари бор. Ҳар бир тилга унинг ўз қонунлари чорчўбасида баҳо берилса яхши. Мен ҳаммасидан, ўзбек тилидан ҳам жуда кайф оламан, озари тили ҳам жудаям оҳангли тил, қирғиз ҳам, қозоқ ҳам. Ҳаммасининг ўзига хос гўзалликлари бор. Албатта, ҳар ким ўз тилини энг қадимий тил деб ҳисоблайди. Туркман тилида, масалан, узун унлилар сақланиб қолган. Мисол учун, баъзи тилларда "йўқ" дейишса, туркман тилида "йо-о-оқ" дейдилар. Унлиларнинг узун айтилиши тилнинг эски эканини кўрсатади. Айни ҳолатни қирғиз тилида кўрамиз. Ўзбек тилига ҳам чиғатой лаҳжасидан жуда ҳам қадимий сўзлар келган.

Би-би-си: Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан доимий тингловчимиз Одилжон Маҳдумий "Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Қошғарий, бугунги тил билан айтганда, миллатлари нима?" деб сўраган.

Юсуф Озмун: Улар ўзлари туркий дейдилар. Мен ҳам ўзим туркий деб айтаман. Қадим вақтларда миллат ёки тоифа масаласи йўқ эди. Кимки ёзган бўлса, туркий тилда ёздим, деб айтади. Айтмайди "ман уйғур тилида ёздим", айтмайди "ман ҳоқония тилида ёздим" деб. Шунинг учун туркий десак, роҳат бўлади.

Би-би-си: Мухлисимиз Салим Якубов "қайчи", "ўроқ" ва "қайиқ" сўзларининг келиб чиқишини сўраган.

Юсуф Озмун: "Қайчи" сўзи аслида "қайичи" сўзидан олинган. Бир нарсани қиядиган, кесадиган асбобга айтилади. Бу сўз кейин форс тилига "қайчи" шаклида ўтган ва яна турк тилига қайтган.

Би-би-си: Яъни, "қайичи" сўзи форсчага ўтиб ундан "қайчи" шаклида туркий тилларга қайтиб кирган, шундайми?

Юсуф Озмун: Ҳа, аввал ўтиб, кейин қайтган бир сўз. "Қайичи" сўзи ҳатто "никоҳ қийимоқ" иборасида бор. Бу жуда қизиқ бир ибора. "Никоҳ" сўзи арабча. Бу сўз туркий халқларга, улар Исломни қабул қилгач, кириб келган. Ундан аввал "никоҳ"ни "тугун" деб аташган. Тугун - икки ипнинг бир бирига боғланиши. Бу бир рамзий нарса эди. Яъни икки ёш ҳаётининг бир-бирига боғланиши, тугунланиши. Шунинг учун ҳам "Дада Қўрқут"-да "никоҳ"ни "тугун" дейдилар. Бугунги турк тилида "дюгун" сўзи "тугун" яъни тўй маънисини англатади. Ўзбекчадаги "тўй" сўзи ҳам "тугун"дан олинган. "Ўроқ" бўлса, "ўр" сўзидан олинган. Мисол учун "ўтни ўрмоқ". Туркий тилларда "-оқ" қўшимчаси доимо бир меҳнат асбоби учун қўлланилган. "Қайиқ" ёки "қойиқ" деб сув устида "қоядиган", "қаядиган" - яъни "сузадиган" асбобга айтилади.

Би-би-си: Лекин, ўзбекчада "қаймоқ" эмас "тоймоқ" дейилади-ку ...

Юсуф Озмун: "Тоймоқ", "қоймоқ" буларнинг барини бир оила деймиз. Бу ерда "қ" ва "т" сўзлари бир-бирининг ўрнини олиши мумкин, лекин маъно битта. Масалан, "чақмоқ", "чолмоқ", "cўқмоқ", "текмоқ" ёки "тўқмоқ" сўзларининг барчаси бир оилага таалуқли. Буларнинг ҳаммаси ҳарб сўзлари. "Тўқиш", "сўқиш", "тегиш" қадим туркийда уруш маъносида келади.

Би-би-си: Ўзбекистондан Мамат Маматов исмларга меҳнат қуроллари номининг берилиши сабабини сўраган. "Исмлар ҳам "Қайчи", "Арра", "Катман" бўлиб кетган. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?" деб сўрапти Мамат исмли тингловчимиз.

Юсуф Озмун: Албатта, бу масалада кўп назариялар бор, кўп теориялар бор. Айтадиларки, қадим вақтларда бола туғилган вақтда атрофга қарайдилар ва нимани кўрсалар уни исм қилиб қўядилар. Арра, албатта, жуда ҳам фойдали ва ҳаракат қилувчи меҳнат асбоби. У ёмон бир олат эмас. Қайчи ёки теша булар турмушда муҳим аҳаммиятга эга бўлган олатлардир. Бир инсон аррадай ёки тешадай бўлса, болтадай бўлса, бу - яхши сифат. Шунинг учун уларни исм қилиб қўйганлар. Уни қўя туринг, "курра", "эшак", "кўпак" деган номлар ҳам бор. Бундай исмлар туркманларда бор. Чунки, фарзандларга яхши исм қўйилса, ўлади, дейишади ва балки, фарзандга ёмон от қўйсак, назардан четда бўлар деган ишонч бор. Масалан, тўрт-бешта бола ўлади, ундан сўнгра фарзандларига Турсун деб исм қўйишади. Ё бўлмаса, тўрт-бешта қизи бор, ўғил хоҳлайди. Ўғил бўлсин, деб қиз фарзандининг исмин Ўғилбўлсин, Ўғилжон ёки Ўғилой деб номлашади.

Би-би-си: Жобир исмли мухлисимиз ёзаяпти: "Ҳурматли Юсуф Озмун, менинг саволим адабиётдан йироқ. Ҳозирги даврда туркий халқлар ўртасидаги ноаҳилликка нима сабаб деб ўйлайсиз?"

Юсуф Озмун: Мен, шахсан, ноаҳлликни кўрмайман. Ҳаммаси бир-бири билан яхши. Ман шоҳид бўлмадим бир ўзбек бир қозоқ билан ёмон бўлганини ...

Би-би-си: Бу ерда сиёсий маънода сўралаяпти, шекилли ...

Юсуф Озмун: Сиёсий маънода мен билмадим. Сиёсат мен ихтисослигим эмас. Сиёсий масалаларда мантиқ бўлмайди. Шунга жавоб бериш жуда қийин. Бу ҳамма ерда кузатилади. Ҳозир мана ҳамма араб давлатлари бир-бирига душмандай. Ҳеч қайси бир-бирини яхши кўрмайди. Бирга бўлишни хоҳламайди. Нима учун? Сабаби режимдан, халқдан эмас. Бу режимларнинг мантиқсизлиги бўлса керак.

Би-би-си: Навбатдаги савол Туркиядаги ўзбеклар ҳақидаги китоб муаллифи Бахтиёр Шоҳназардан: Американинг маҳаллий аҳолиси бўлган қизил терилиларни бу ерларда "native people" дейишади. Уларнинг тили туркий тилларга жуда яқинлигига амин бўлдим. Телевизорда "кайак" деган сўзни "қайиққа" нисбатан инглизларнинг ўзи ҳам ишлатади. Фикримча, қизил терилилар туркий халқдир, чунки уларнинг юз тузилишининг ҳам биздан фарқи йўқ. Гиламларни кўрсангиз Ўзбекистонда тўқилган деб ўйлайсиз. Нима учун олимларимиз қизил терилилар туркий халқ эканлиги ҳақида дунёга баралла айтмайди?

Юсуф Озмун: Албатта, бу ҳақдаги изланишлар охирги вақтларда анча кучайган. Икки-уч йил илгари бир конференцияда бир қизил терилик она тили ҳақида гапираркан ўз тилида 330-338 та туркий сўзлар борлигини айтди. Улар Осиёдан ўн бир ярим минг йил илгари Амирика қитъасига ўтганлар. Жуда узоқ вақт аввал. Бу давр ичида тил, албатта, ўзгармасдан қолмайди. Тил, ҳаттоки, минг йил ичидаям ўзгариб кетади. Бугун "Қутадғу билик" ёки "Ўрхун ёдгорликлари"даги тил билан кунимиздаги тил ўртасида жуда ката фарқ бор. Қизил танлилар ҳақида кўп нарсалар ёзилган тарих соҳасида. Аммо тил соҳасида чуқур изланишлар ҳали бўлмаган. Бу изланишлар яқин йилларда бошланди. Ўйлайман бу масалалар келгуси беш-ўн йил ичида ойдинлашади. Бунда сиёсий масалалар ҳам бор ...

Би-би-си: Ва ниҳоят Женевадан Пўлат Олимдор ўзбекларнинг қаердан келиб чиққанига қизиқан. "Туркий халқларни айнан ўзбекларни қаердан келиб чиққанини аниқ айта оласизми? Бизнинг аждодларимиз ҳақиқатдан ҳам узоқ Сибирь тарафларидан келишганми ёки бизни муғулларга алоқамиз борми?" деб сўраган Пўлат Швецариядан.

Юсуф Озмун: Албатта, бу ҳақда кўп теориялар бор. Ҳеч бир очиқ нарса йўқ. Чунки ёзилган бир нарса бўлмаса, ҳаммаси теорияга бориб тақалади. Ўзбекларнинг шимол томондан келгани айтилади. Мўғул билан барча туркий халқларнинг муносабати бор. Чунки Чингизхон кўп ерларни забт этган ва қаерга бормасин, маҳаллий халқ орасидан аскарлар олган. Ўзбек бўлсин, туркманлар бўлсин, қозоқлар бўлсин ... Шунинг учун маҳаллий халқлар мўғуллар билан қоришиб кетган. Мўғуллар билан Ўрта Осиё халқлари яқин, аммо бир эмас. Бир-бирларига таъсир қилганлар, албатта. Тил жиҳатидан монгол тили турк тилиб билан муносабати йўқ. Монгол тили ичида туркий сўзлар бор. Сўз тузилиши бир-бирига ўхшайди, аммо монгол тили туркий тиллар гуруҳига кирмайди.


BBCUZBEK.COM

0 Comments:

Post a Comment